Маълумки, 2017 йилнинг 28 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахтачилик тизимини бошқаришни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, Пахта саноати тармоғини ривожлантириш бўйича комплекс вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан мазкур қарорда тармоқни ривожлантиришда асосий вазифаларидан бири сифатида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятига соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ва шу орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан қабул қилинадиган пахта хом ашёсининг миқдори, сифати ва навлари, пахта толаси ва уруғлик чигитнинг чиқишига оид кўрсаткичлар, пахта тозалаш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган пахта толасининг миқдори ва сифати бўйича маълумотларнинг ҳаққонийлигини ҳисобга олиш ҳамда доимий назорат қилиш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Ҳозирги кунда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимида кенг кўламли ишларни амалга оширилмоқда. Бу борада, тизимда Ахборот-коммуникация технологияларини босқичма-босқич тадбиқ этиш ва янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, пахта хом ашёсини қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнларини ягона ахборот тизимига бирлаштириш орқали доимий мониторинг олиб боришни йўлга қўйиш бўйича бошланган ишларни алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мазкур чора-тадбирларга асосан тизимдаги пахта тозалаш корхоналарига локал алоқа тармоғини ўтказиш, симсиз корпоратив алоқа тизимини жорий қилиш, замонавий IP-кузатув камераларини ягона тизимга боғлаш, техник қурилмаларни доимий электр энергия манбаи билан таъминлаб туриш мақсадида замонавий қуёш батареялари ўрнатиш, соҳа учун ягона “1С:-бухгалтерия” комплекс электрон дастурини ишлаб чиқиш белгиланган.
Бу йўналишдаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш ва муваффақиятли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятида дастурий таъминот бўйича ахборот техонологиялари соҳасидаги етакчи мутахассислар иштирокида мулоқот ташкил этилди. Мулоқотда “Янги технологиялар” масъулияти чекланган жамияти бош директори В.Калягин ва компаниянинг техник директори А.Азовский, “Bar code technlogies” масъулияти чекланган жамияти бош директори Н.Собиров, “Unisof” масъулияти чекланган жамияти бош директори C.Пак иштирок этдилар ва “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимига “1С:-бухгалтерия” базаси асосидаги автоматлаштирилган бошқарув тизими лойиҳасини татбиқ қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Мулоқот мобайнида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бошқарув раиси ўринбосари А.Султонов “Бухоро худудий филиали” МЧЖда қўлланилган “1С:-бухгалтерия” базаси асосидаги автоматлаштирилган бошқарув тизими қўйилган вазифаларни бажаришда юқори самара берганини ва бу тажрибани республика миқёсида татбиқ қилиш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади. Дастурий таъминот бўйича етакчи мутахассислар ҳамда “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимидаги масъул ходимлардан иборат Ишчи гуруҳининг ўзаро мулоқотида лойиҳанининг архитектураси ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш бўйича Техник вазифалар ва чора-тадбирлар белгиланди.
Шу ўринда автоматлаштирилган бошқарув тизими ҳақида маълумот: «1С: Бухгалтерия»—Бухгалтерлик ҳисобини автоматлаштириш бўйича МДҲ мамлакатларидаги энг машҳур дастурий таъминотларидан бири саналади. Маълумотларга кўра, Россия, Ўзбекистон, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Грузия, Молдова, Руминия, Латвия, Литва, Эстония, Озарбайжон сингари мамлакатлардаги 1,5 миллиондан ошиқ ташкилот ва корхоналарда «1С: Бухгалтерия»нинг турли версияларидан фойдаланилади.
“Ўзпахтасаноат” АЖ Матбуот хизмати